samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Темур тузуклари» — тарбия манбаи

Чоп этиш

Амир Темур ва темурийлар даврида мамлакатда марказлашган давлат барпо этилиб, феодал урушларга барҳам берилди.

У буюк ипак йўли бўйлаб савдо-сотиқни йўлга қўйди. Миллий давлатчилик ривожланиб, ҳарбий-сиёсий бошбошдоқликлар тўхтатилди. Илм-фан, санъат, маданият, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва ҳунармандчилик гуллаб-яшнади, халқ фаровонлиги ошди. Айниқса, шу даврларда инсоният, хусусан, халқимиз жуда кўплаб бебаҳо маданий ва моддий бойликларга эга бўлди.

Амир Темурнинг ҳарбий ва сиёсий фаолиятидан маълумот берувчи тарихий асарлардан бири «Темур тузуклари» ҳам ана шундай бебаҳо бойликлардан биридир. «Тузуки Темур», «Тузукоти Темур» номлари билан машҳур бу асарнинг бугунги кунда ҳам аҳамияти йўқолмаганлиги унинг нечоғлик муҳим эканлигидан далолатдир.

«Темур тузуклари»нинг инглиз тилига таржима қилиб, нашр этган Деви ва Уайтлар, машҳур турк қомусий олими Шамсиддин Сомий, қўлёзмаларнинг йирик тадқиқотчиси Н. Д. Миклухо-Маклайлар Соҳибқирон бобомиз — Амир Темур «Темур тузуклари» муаллифи эканлигини эътироф этишади. Бошқа олимларнинг фикрича, мазкур асар ХVI-XVII асрларда Ҳиндистонда ёзилган.

Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Амир Темурнинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, сиёсий тарқоқликка барҳам бериши, марказлашган давлат қуриши, дунё­нинг 27 мамлакатини, жумладан, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритиши, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон, турк султони Елдирим Боязидга қарши ҳарбий юришлари, улкан салтанатини мустаҳкамлаш учун турли ижтимоий табақаларга нисбатан қандай муносабатда бўлганлиги буюк Соҳибқирон тилидан ихчам тарзда баён этилган.

Иккинчи қисм машҳур жаҳонгирнинг фарзандларига васияти, панд-насиҳатлари ва ўгитларидан иборат. Унда давлатни идора этишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини танлаш, армиянинг тузилиши ва жанг олиб бориш қоидалари, сипоҳийларнинг маоши, мамлакатни бошқариш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган хизматларини алоҳида тақдирлаш ва бошқалар хусусида сўз боради.

Мазкур асарнинг фанда қайд этилган илк нусхаси эски ўзбек тилида битилган. «Темур тузуклари» Амир Темур давридаги ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда муҳим манба сифатида хизмат қилади.

«Темур тузуклари»ни ўқир экансиз, унда битилган ҳар бир ўгит бобомиз Амир Темур томонидан минг бир чиғириқдан ўтганлигини ҳис қилиш мумкин: «Юз отлиқ уддалай олмаган ишни бир тўғри тадбир билан бажариш мумкин». Ёки «Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур» каби ўгитлар бобомизнинг давлатни улкан ақлу заковат ва донишмандлик билан бошқарганини англатади.

Асар дунёнинг етакчи олимлари томонидан жуда юксак баҳоланган. Ҳерман Вамберининг ёзишича: «Европа давлатларида конституция ҳақида ҳали тушунча ҳам йўқ эди, Амир Темур давлатида у амалда эди».

Ушбу асардан биз, педагог-ўқитувчилар таълим-тарбия жараёнларида кенг фойдаланган ҳолда юксак самарадорликка эришаётганимизни эътироф этиш жоиз.

Муаллиф: Орзиқул МИРЗАЕВ, Самарқанд таянч тиббиёт коллежи тарих фани ўқитувчиси

24.06.2017 487 52 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства